Сариосиё ҳудудида кутубхона фаолияти XX аср бошларидан шакллана бошлаган. Совет даврида аҳоли ўртасида саводхонликни ошириш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш мақсадида туман маркази ва қишлоқларда оммавий кутубхоналар ташкил этилган. Сариосиё тумани 1926 йилда ташкил топгани билан бирга маданий-маърифий муассасалар, жумладан кутубхоналар ҳам босқичма-босқич ривожланган.
1940–1980 йилларда Сариосиёдаги кутубхоналар асосан аҳолига бадиий адабиёт етказиш, сиёсий-маърифий тарғибот ишлари, ёшларни таълимга жалб қилиш ва маҳаллий мактаблар билан ҳамкорлик қилиш вазифаларини бажарган. Китоб фонди ўзбек, рус ва бошқа тиллардаги адабиётлар билан бойитилган.
1981 йилда Сариосиё туманида Марказлашган кутубхоналар тизими (МКТ) ташкил этилган. Ўша даврда қишлоқ йиғинига қарашли 72 та кутубхона МКТ га ўтказилган ва умумий китоб жамғармаси 572 000 нусхани ташкил этган. 1991 йилдан кейин туман алоҳида бўлиб, маданият уйида маъмурият ва 36 та кутубхона фаолиятини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 ва 2019 йиллардаги қарорларига асосан кутубхона тармоғи такомиллаштирилди. 2019 йил ноябр ойида Сариосиё туман Ахборот-кутубхона маркази ташкил этилди ва дастлаб касб-ҳунар коллежи биносида фаолиятини бошлади.
Бугунги кунда Марказнинг китоб жамғармаси 37 329 нусхадан ошган. 2022 йилдан бошлаб Марказ Замонавий ёшлар боғи ичида жойлашган янги бинода фаолият юритмоқда. Ҳозирги кунда Марказга Абдурахимов Илҳом Исломович раҳбарлик қилиб келмоқда.